80 миллион АҚШ долларидан ортиқ экспорт шартномалари имзоланди

Чоп этиш версияси
04.01.2018

Давлатимиз томонидан кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга янги турдаги замонавий хизматларни таклиф этиш ва мавжуд хизмат турлари сифатини ошириш бўйича мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳамда «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган, хусусан, суғурта, юридик ва бошқа турдаги хизматларни самарасини оширишга бағишланган семинарда шулар хусусида сўз борди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда суғурта бозори тобора ривожланиб бормоқда. Бунга биринчи навбатда, суғурта компанияларининг соғлом рақобати натижасида вужудга келаётган сифатли суғурта хизматлари, ишлаб чиқарувчилар ҳамда харидорлар талабига мос равишда суғурта турларининг кўпайиб бориши бош омил сифатида эътироф этилмоқда. «Ўзбекинвест» ЭИМСК кафолатланган сифат асосида бугунги кунда суғурта бозорининг етакчи компанияларидан бирига айланган. Компания ўз хизматларини нафақат юридик, балки жисмоний шахсларга ҳам қулай ва сифатли тарзда таклиф этмоқда.

Семинарда таъкидланганидек, 2017 йил Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан илк маротаба қўшни давлатлар ва Россия Федерациясида ташкил этилган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» рукни остидаги миллий кўргазмалар натижасига кўра қиймати 80 миллион АҚШ долларидан ортиқ экспорт шартномалари имзоланди.

2018 йилнинг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб номланиши келгуси йили фаол тадбиркорликни ривожлантириш борасида бошқарма олдига ҳам қатор долзарб вазифаларни қўйди. Шундан келиб чиқиб, 2018 йилда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Бошқарма ташқи иқтисодий алоқалар сектори бошлиғи ўринбосари Рустам Баротовнинг таъкидлашича, мазкур чора-тадбирлар режасига мувофиқ, мамлакатимизда инновацион тадбиркорлар билан ҳамкорликда инновацион маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу кўргазмага хорижий ҳамкорлар, тадбиркорлар ва экспертларни жалб этиш белгиланган. Шунингдек, 20 га яқин тадбиркорни хориж тажрибасини ўрганиш, тажриба алмашиш мақсадида Германияга юбориш режалаштирилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспортини ошириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга кўмаклашиш мақсадида жойларда амалий семинарлар ташкил этиш кўзда тутилган.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги вакилининг товар белгиларини олиш, уларни расмийлаштириш ва ҳимоя қилиш бўйича маърузаси тингланди. Тадбиркорлар саволларига жавоб қайтарилди.

ЎзА, (фото: «Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати)