Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Чоп этиш версияси
01.02.2018

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясида «Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Компаниядаги бошланғич ташкилоти томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Юнусобод тумани Маънавият ва маърифат маркази вакиллари ва «Ўзбекинвест» компанияси ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ислом Каримовнинг серқирра фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдиргани, нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс, давлат ва сиёсат арбоби сифатида танилганини таъкидлашди. Дарҳақиқат, Биринчи Президентимиз ўзининг Президент сифатидаги бутун ҳаёти ва фаолиятини юртимизда янги давлат, янги жамият барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадга бағишлади. Халқимиз мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган улкан ўзгаришларни ҳақли равишда Биринчи Президентимиз номи билан боғлайди.

Шу билан бирга, давра суҳбатида таъкидландики, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий равнақи учун борлиғини, умрини бағишлаган, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг беқиёс хизматларини ёшлар онгу қалбига сингдириш катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Ислом Каримов мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз манфаати йўлида амалга оширган эзгу ишлари, ислоҳотларининг қадри йиллар давомида ошиб бораверади.

Тадбир сўнггида "Ўзбек кино Миллий агентлиги” томонидан ишланган "Эъзоз” видеоролиги намойиш этилди.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати