«Ўзбекинвест» компанияси жорий йилнинг 9 ойида 11,7 млрд сўм суғурта қопламаларини тўлаб берди

Чоп этиш версияси
01.12.2017

Суғурта компаниялари учун суғурта ҳодисаси юз берганда мижозларнинг даъволарини имкон қадар тез кўриб чиқиб, суғурта бадалларини ўз вақтида тўлаб бериши уларнинг нуфузини белгилаб берувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси бу борада кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифатини ошириш, мижозлар талаб ва эҳтиёжларини пухта ўрганишга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан бирга суғурта бадаллари тўловини ўз вақтида амалга ошириб келмоқда. Суғурта шартномалари бўйича ўз мижозлари олдида қабул қилинган мажбуриятларни вақтида бажариш Компаниянинг устувор вазифаларидан биридир.

Агар рақамларга мурожаат қилсак, 2017-йилнинг ўтган 9 ойида жами 6717 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, 11,7 млрд. сўм суғурта қопламалари тўлаб берилган. Тўлаб берилган қопламаларнинг 67 фоизи юридик шахслар, 33 фоизи эса жисмоний шахслар улушига тўғри келади.

Фақат сентабр ойининг ўзида 462 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, 654 млн. сўм ҳажмида суғурта қопламалари тўлаб берилган. Сентабр ойида тўлаб берилган айрим суғурта қопламаларига эътибор қаратсак, содир бўлган суғурта ҳодисалари юзасидан берилган даъво аризаларини кўриб чиқилиши натижасида иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси бўйича етказилган зарарларни қоплаб бериш учун Андижон вилоятида ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи корхонага 64 млн. сўм, Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбиркорлик субъектига мулк комплекс суғуртаси бўйича 11 млн. сўм суғурта қопламалари тўлаб берилди.