«Ўзбекинвест» компанияси 2018 йилда 32,2 млрд. сўм суғурта қопламаларини тўлаб берди

Чоп этиш версияси
18.01.2019

Аҳоли соғлиғи ёки мол-мулкига бахтсиз ҳодиса оқибатида зарар етганда унга молиявий кўмак бериш суғурта компаниясининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Мижознинг суғурта ҳодисаси юзасидан мурожаатини имкон қадар тез кўриб чиқиб, суғурта қопламасини ўз вақтида тўлаб бериш эса суғурталовчининг нуфузини белгилаб беради.

Суғурта қопламаларини тўлаб бериш борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини доимий ошириш, суғурта шартномалари бўйича ўз мижозлари олдида қабул қилинган мажбуриятларни вақтида бажариш «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси фаолиятининг муҳим йўналишидир.

Агар рақамларга мурожаат қилинса, 2018 йилда жами 9846 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, қарийб 32,2 млрд. сўм суғурта қопламаси тўлаб берилган. Шундан 25,6 млрд. сўми юридик шахсларга тўлаб берилган бўлса, 6,6 млрд. сўми жисмоний шахслар улушига тўғри келади.

Шундай қилиб, ўтган йилда ҳар ойда ўртача 820 та суғурта даъволари кўриб чиқилган бўлиб, асосан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси, ихтиёрий тиббий суғурта, транспорт воситалари эгаларининг мажбурий суғуртаси, ихтиёрий авто суғурта, мол-мулк суғуртаси бўйича суғурта қопламалари тўлаб берилган.

Амалга оширилган суғурта қопламаларининг 74 фоизи ихтиёрий суғурта турларига, 26 фоизи эса мажбурий суғурта турларига тўғри келади.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йилда компания томонидан мижозларга жами 20,6 млрд. сўм суғурта қопламаси тўлаб берилган.

«Ўзбекинвест» компанияси томонидан аҳоли билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ишонч телефонлари, туну кун ишловчи диспетчерлик хизмати жорий этилган. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудуди бўйича хизмат кўрсатувчи ассистанс хизмати фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, суғурта ҳодисаси юз берганда компания ходимлари воқеа жойига етиб бориб, зарур ёрдамни кўрсатмоқда.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати