«Ўзбекинвест» компанияси июль ойида 1,7 млрд. сўм суғурта қопламаларини тўлаб берди

Чоп этиш версияси
28.08.2019

«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси турли бахтсиз ҳодисалар оқибатида мижозларнинг мол-мулки ёки соғлиғига етган зарарни ўз вақтида қоплаб беришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг учун ишонч телефони ва 24 соат ишловчи диспетчерлик хизмати ташкил этилган ҳамда махсус ассистанс хизмати эса Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудудида суғурта ҳодисалари юз берганда воқеа жойига етиб бориб, зарур ёрдамни кўрсатади.

Таъкидлаш жоиз, суғурта ҳимоясининг афзалликларини аҳолига тушунтириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар натижасида охирги йилларда суғуртанинг ихтиёрий турларига нисбатан қизиқиш ва талаб ортмоқда. Масалан, жорий йилнинг июль ойида «Ўзбекинвест» компанияси томонидан жами 748 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, аҳоли соғлиғи ёки мол-мулкига етган зарар ўрнини қоплаб бериш учун 1,7 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламаси тўлаб берилди. Мижозлардан келиб тушган суғурта даъволарининг 516 таси ёки 69 фоизи суғуртанинг ихтиёрий турларига тўғри келса, 332 таси ёки 31 фоизи мажбурий турлар улушига тўғри келади.

«Ўзбекинвест» компанияси томонидан жорий йил бошидан буён эса мижозларнинг ҳар ойда ўртача 1100 та ёки жами 7619 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, уларнинг мол-мулки ёки ҳаётига етган зарарлар учун 11 млрд. сўмдан ортиқ суғурта қопламаларини тўлаб берилган.

Компания ахборот хизмати