«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси февраль ойида 4 млрд. сўм суғурта қопламаларини тўлаб берди

Чоп этиш версияси
15.03.2018

«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан аҳоли билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ишонч телефони, 24 соат ишловчи диспетчерлик хизмати ташкил этилган. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти ҳудуди бўйича хизмат кўрсатувчи ассистанс хизмати фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, суғурта ҳодисалари юз берганда компания ходимлари воқеа жойига етиб бориб, зарур ёрдамни кўрсатмоқда.

Ушбу сайъ-ҳаракатлар натижасида компания томонидан жорий йилнинг февраль ойи давомида 692 та суғурта ҳодисалари бўйича мижозлардан келиб тушган мурожаатлар асосида қарийб 4 млрд. сўм ҳажмидаги суғурта қопламалари тўлаб берилди. Кўриб чиқилган суғурта даъволарининг 76 фоизи юридик шахслар, 24 фоизи эса жисмоний шахслар улушига тўғри келади.

Амалга оширилган суғурта қопламаларининг айримларига мурожаат қилсак, содир бўлган суғурта ҳодисалари бўйича берилган даъво аризаларини кўриб чиқилиши натижасида етказилган зарарларни қоплаб бериш учун нефтни қайта ишлаш соҳасида иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси бўйича 1,2 млрд. сўм, темир йўл состави суғуртаси бўйича 170 млн. сўм, нефт газ соҳасида қўрилиш олиб борувчи ташкилотга мол-мулк комплекс суғуртаси бўйича 470 млн. сўм суғурта қопламалари тўлаб берилди.

Шунингдек, февраль ойида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси бўйича жами 195 млн. сўм ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси бўйича жами 357 млн. сўм миқдорида суғурта тўловлари амалга оширилди.

Жорий йил бошидан буён компания тизимида жами 5 млрд. сўмга яқин суғурта қопламалари тўлаб берилган бўлиб, ундан 75 фоизи ихтиёрий ва 25 фоизи эса мажбурий суғурта турларига тўғри келади.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати