«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси сифат менежменти тизими халқаро сертификатини қўлга киритди

Чоп этиш версияси
03.07.2019

«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси навбатдаги сифат менежменти тизимини сертификатлаштиришдан муваффақиятли ўтди ва ISO 9001:2015 халқаро стандарти талабларига мувофиқлик сертификатини қайта қўлга киритди.

Компанияни сертификатлаш инспекцион хизматлар, экспертиза, синаш ва сертификатлаштириш соҳасида дунёда етакчи ҳисобланган сертификатлаш бўйича халқаро ташкилот SGS (Швейцария) томонидан ўтказилди.

 

Қайд этиш лозимки, «Ўзбекинвест» компанияси томонидан ISO 9001 стандарти бўйича сифатни бошқариш тизими маҳаллий суғурта компаниялари орасида биринчи бўлиб, 2004 йилда халқаро стандартлар талабларига мувофиқ жорий этилган эди.

Ушбу тизимнинг жорий этилиши компанияга ўзининг сифатга содиқлигини намойиш қилиш, мижозлар эҳтиёжларини максимал даражада қондиришга интилиш ҳамда фаолиятни доимий такомиллаштириш имконини берди. Мижозлар фикрини фаол ўрганиш эса хизматлар сифатини янада яхшилаш, модернизация қилиш ва янги суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш учун кенг имкониятларни аниқлашга ёрдам берди.

 

 

Сифат менежменти тизимини сертификатлаш компания томонидан тақдим этилаётган хизматлар сифати, ривожланиш, республика суғурта бозорида рақобатбардошлик ва етакчи ўринларни эгаллаш, мавжуд молиявий, техник ва кадрлар ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бошқарув тизимини оптималлаштириш компания фаолиятида стратегик аҳамият касб этаётганини тасдиқламоқда.

Сифатни тизимли бошқариш бугунги кунда меҳнатни самарали ташкил этишга ижобий таъсир этмоқда, хусусан, вазифа ва жараёнлар такрорланишининг олди олинмоқда, бўлинмалар ўртасида маълумотлар алмашинуви оптималлаштирилмоқда, ҳужжат юритишнинг электрон шаклига ўтиш эса қоғоз ҳужжатларни сезиларли даражада соддалаштирди.

 

 

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекинвест» компанияси томонидан тақдим этилаётган суғурта маҳсулотлари ва хизматлар қонун ҳужжатлари талаблари, суғурта хизматлари истеъмолчиларининг таклиф ва талабларига мувофиқ доимий таҳлил этилмоқда ҳамда такомиллаштирилмоқда.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати