2023 йилда “Ўзбекинвест” Ўзбекистон нохомашё экспортининг 36 фоизини суғурта қопламаси билан таъминлади

Чоп этиш версияси
20.02.2024

2023-йилда “Ўзбекинвест” компанияси миллий маҳсулот, иш ва хизматлар экспортчилари учун суғурта қопламасини оширди ва шу билан ишончли суғуртачи ва ҳамкор сифатидаги обрўсини тасдиқлади.

Ўзбекистон Президентининг “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган компания зиммасига юкланган вазифаларни бажариш юзасидан 2023-йилда миллий экспортчилар 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида суғурта ҳимояси билан таъминланди, бу Ўзбекистоннинг нохомашё экспорти қопламасининг 36 фоизини ташкил этди.

2022 йил натижаларига нисбатан ўсиш 119 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, 2016-йилдан бошлаб миллий экспортчиларга тақдим этилган суғурта ҳимояси ҳажми 22,8 баробар ошди.

2023 йил давомида экспортчиларни комплекс суғурталаш полислари бўйича суғурта ҳодисалари юз берганлиги муносабати билан миллий экспортчиларга 7,3 млрд сўм суғурта товонлари тўлаб берилди.

Жами компания томонидан NEXI (Япония), Sinosure (Хитой), KSure (Жанубий Корея), UK Export Finance (Буюк Британия), Coface (Франция), SACE (Италия), ICIEC, Export Credit Etihad Credit Insurance (БАА) каби жаҳоннинг етакчи давлат экспорт-кредит агентликлари билан 40 дан ортиқ шартнома ва ўзаро ҳамкорлик меморандумлари тузилган.

“Ўзбекинвест” компанияси 2024-йилда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш ҳамда товар, иш ва хизматлар миллий экспортчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини тизимли давом эттиради.