“Ўзбекинвест” коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида аноним сўровнома ўтказди

Чоп этиш версияси
09.06.2023

“Ўзбекинвест” томонидан тизимдаги коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш, унинг олдини олиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш сиёсатини кенг тадбиқ этишга қаратилган навбатдаги тадбирлар амалга оширилмоқда.

Коррупциянинг юзага келиши мумкин бўлган фактларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриш мақсадида компания ходимлари ўртасида аноним сўровномалар ўтказилиб келинмоқда. Бу амалиёт бир неча йиллардан буён бундай тадбирларни ўтказиш жараёнида ўз самарасини кўрсатди.

Шу тариқа, жорий йилнинг 30 май куни компания Бош офиси ходимлари аноним сўровномадан ўтдилар, унда ходимлар орасидан 90 киши иштирок этди. Бу бош офис ходимларининг 75 фоизини ташкил қилади.

Натижаларга кўра, ходимларнинг 77 фоизи корхонада коррупция фактлари йўқлигини, 9 фоизи коррупция ҳолатлари жуда кам учрайди, 14 фоизи - манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари тез-тез учраб туради, деб жавоб берган.

“Компания фаолиятининг қайси жараёнларида коррупция ҳолатлари учрайди?” деган саволга ходимларнинг 30 фоизи бундай ҳолатлар кўпинча шартномалар тузишда учраб туришини, 12 фоизи ходимларни ишга олишда, 12 фоизи суғурта тўловларини тўлашда, 46 фоизи бундай ҳолатларни гувоҳи бўлмаганликларини айтишган.

Аноним сўровномаларда келтирилган фактлар бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, коррупция ҳолатлари юзасидан “Ўзбекинвест” АЖ масъул ходимларига қуйидаги алоқа каналлари орқали мурожаат қилишингиз мумкин:

Ишонч телефони: +(99878) 120 03 61

Электрон почта манзили: antikorrupsiya@uzbekinvest.uz