“Ўзбекинвест” 2024 йилдан бошлаб Ўзбекистон суғурта бозорида биринчи бўлиб андеррайтинг (суғурта қалтисликларини баҳолаш) жараёнига сунъий интеллектни жорий қилмоқда.

Чоп этиш версияси
26.12.2023

“Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси “GlowByte” халқаро IT ташкилоти ҳамкорлигида 2024 йилдан бошлаб Ўзбекистон суғурта бозорида биринчи бўлиб реал вақт режимида мавжуд маълумотлардан фойдаланган ҳолда қарор чиқариш имкониятини берувчи (ML) суғурталашдан аввал инновацион текшириш тизимини (Talys.SDE) ишга туширмоқда. Дастурий таъминот Data Sapience кўмагида ишлаб чиқилган.

GlowByte суғурта амалиёти раҳбари Евгений Чернобуровнинг сўзларига кўра, яратилаётган тизим келгусида скоринг, автоматлаштирилган ҳолда индивидуал тарифларни ҳисоблаш, қарорлар қабул қилиш ҳамда суғурта шартномасини тузиш босқичидаги эҳтимолий йўқотишларни баҳолаш имконини беради. Бу каби лойиҳа Ўзбекистонда, хусусан, республика суғурта компаниялари ичида биринчи бўлади.

Қарорларни қабул қилиш ахборот тизими - бу барча мавжуд маълумот манбалари (жарималар, кредит тарихи, ёш, ҳайдовчилик тажрибаси, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ва бошқалар)га уланиш, серверлардаги маълумотларни таҳлил қилиш учун олиш ҳамда олинган маълумотлар асосида бир зумда таҳлил амалга ошириш ҳавф-хатар даражасини ҳисоблашдир.

“Ўзбекинвест” суғурта компанияси сунъий интеллект моделлари ёрдамида потенциал муаммоли мижозларни аниқлайди ва шунга мос равишда суғурта қалтисликларини янада оқилона бошқаради. Сунъий интеллектдан фойдаланиш андеррайтинг жараёнида, компаниянинг умумий мижозлар базасидаги 87 фоиз маълумотларни қайта ишлаш имконини беради.

  Лойиҳани амалга оширишда 20 терабайтдан ортиқ сиғимга эга бўлган корпоратив маълумотлар базасини яратишга алоҳида эътибор берилган бўлиб, у нафақат компания учун ишончли ахборотларнинг ягона манбаи бўлиб хизмат қилади, балки бошқарув қарорларини қабул қилиш сифатини оширади ҳамда аниқ ва ишончли маълумотларга асосланган бизнесни бошқариш имконини беради.

Андеррайтинг жараёнига сунъий интеллектнинг жорий қилиниши “Ўзбекинвест” суғурта компаниясининг тўлиқ рақамли трансформацияси йўлидаги навбатдаги энг муҳим қадами ҳисобланиб, барқарор ўсишни таъминлайди. Шунингдек, унинг бозордаги етакчилик мавқеини мустаҳкамлаш билан бирга, Ўзбекистон суғурта бозорини ривожлантириш учун технологик платформа яратишга туртки беради.

kun.uz