“Ўзбекинвест” компаниясининг ҳудудий филиаллари директорлари Туркияда малака ошириш курсларини тамомладилар

Чоп этиш версияси
04.09.2023

Ходимларнинг малакасини узлуксиз ошириш концепцияси доирасида жорий йилнинг август ойида “Ўзбекинвест” компаниясининг бир гуруҳ ҳудудий филиаллар директорлари Туркия суғурта институтида малака ошириш курсларини тамомладилар.

1970-йилда ташкил этилган Туркия суғурта институти Туркиянинг суғурта секторидаги ягона ўқув ва тадқиқот маркази ҳисобланади.

Туркия суғурта институти мутахассислари томонидан махсус ишлаб чиқилган ўқув дастурига кўра, “Ўзбекинвест” акциядорлик жамиятининг ҳудудий филиаллари директорлари экспорт рисклари, корпоратив мижозлар ва жисмоний шахсларни суғурталаш бўйича халқаро тажрибани ўргандилар.

Тренинг якунида Туркия суғурта бирлашмаси ва Туркия Эксимбанкининг етакчи мутахассислари билан Ўзбекистонда суғурта бозорини ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва глобал ташқи омилларнинг суғурта соҳасининг ривожланишига таъсири юзасидан тажриба ва фикр алмашилди.

“Ўзбекинвест”да барча даражадаги мутахассисларнинг узлуксиз малакасини ошириш компания фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади. Ходимларнинг малакасини узлуксиз ошириш концепцияси доирасида сўнгги олти йил давомида “Ўзбекинвест” компаниясининг 100 дан ортиқ раҳбар ва ходимлари АҚШ, континентал Европа, Буюк Британия, Чехия, Россия ва Жанубий Кореянинг етакчи таълим муассасаларида малака оширдилар.

Сайт: uzbekinvest.uz

Facebook: fb.com/Uzbekinvest
Instagram: @uzbekinvest_
Telegram: t.me/uzbekinvest
YouTube: youtube.com/channel